ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Вафот этган одамлар ва вояга етмаганлардан имзо тўплаган "янги партия" рўйхатга олинмади, дея хабар берди Адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоева.
Қайд этилишича, Адлия вазирлигига 15 майда “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини рўйхатга олиш ҳақидаги ариза келиб тушди.
Ариза ва тақдим этилган таъсис ҳужжатларини кўриб чиқиш натижасига кўра, “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини бир қатор асослар бўйича рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
“Янги партияни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларда ушбу партияга бирлашиш истагини билдирган фуқароларнинг 10 777 та имзоси келтирилган”, деб ёзади матбуот котиби.
Партияга бирлашиш истагини билдирган фуқаролар рўйхатига қуйидагилар киритилган:
сиёсий партия таъсис конференцияси ўтказилгунгача вафот этган 145 нафар шахс;
23 нафар вояга етмаган шахс;
маҳаллаларни асфалтлаш, коммуникация тизимларини янгилашга маблағ олиш мақсадида “Очиқ бюджет” лойиҳасига овоз бериш учун деб хато имзо қўйган ва кейинчалик ушбу имзоларини қайтариб олган 3 900 нафар шахс;
шахсга доир маълумотлар тақдим этилмаганлиги сабабли шахси аниқланмаган 1 775 нафар шахс;
имзолари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган электрон шаклда олинган 2 257 нафар шахс;
партия тузиш учун хоҳиш билдирмаган ва ҳеч қандай имзо қўймаган 844 нафар шахс;
суд тартибида муомалага лаёқатсиз деб топилган 185 нафар шахс;
Ўзбекистонда яшамаётган 209 нафар шахс.
“Натижада ҳақиқатда партияга аъзо бўлиш истагини билдирган фуқароларнинг 1 439 та имзоси мавжуд эканлиги аниқланди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 000 фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.
Сиёсий партияни рўйхатга олишни рад этиш устидан Олий судга белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 5 та сиёсий партия, хусусан Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Миллий тикланиш демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси рўйхатга олинган.