ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Бухоролик фуқаро Сурхондарё вилоятидаги мол бозоридан 4200 доллар сохта пул эвазига 22 бош қўй сотиб олди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ маълумотига таяниб, “Почтачи” Telegram-канали хабар берди.
Қайд этилишича, номаълум шахс Сурхандарё вилояти Қизириқ туманида жойлашган бозорда Бандихон туманидан бўлган бошқа бир фуқаронинг 8 бош қўйини 1600 долларга сотиб олган.
Шунингдек, у айнан шу куни бозорда яна бир бандихонлик фуқаронинг 14 бош қўйини 2600 доллар сохта пул эвазига харид қилган.
Жиноят Кодексининг 176-моддаси 2-қисми (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилган суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида бу жиноятни содир этган шахс аниқланган. У Бухоро вилояти Жондор тумани “Мирзаён” маҳалласида яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаро.
Ҳозирда суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.