ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Россия ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши 2023 йил охиригача 2 фоиз бўлиши мумкин, деди президент Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПМЭФ) сўзлаган нутқида.
"Мен мутахассисларимиз фикрига қўшиламан, ЯИМ ўсиши 1,5 фоиз, балки ундан ҳам кўпроқ - 2 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Бу мамлакатимизнинг дунёнинг етакчи иқтисодлари қаторидаги ўрнини сақлаб қолишга ёрдам беради", - деди Путин.
Россия президенти айтишига кўра, ўтган йили Россия ҳукумати ва бизнеси танлаган иқтисодий стратегия тўғри бўлиб чиққан ва ўз самарасини кўрсатган.
Инфляция. Ҳозирда Россияда инфляция кўплаб Ғарб мамлакатларига қараганда паст ва ўзининг тарихий минимал даражасига яқин - 2,9%.
"Биз масъулиятли, мувозанатли бюджет ва пул-кредит сиёсатини олиб бордик. Уларнинг самарали комбинацияси бизга ишсизликнинг минимал кўрсаткичларига, шунингдек, ҳозирда Россияда <...> инфляция миқдори тарихий минимумга яқин — 2,9% ни ташкил этади", - деди Путин.
Ипотека. Президент сўзларига кўра, ўтган йилда Россияда ипотека кредитлари сони ҳам рекорд даражага ўсган ва 18% ни ташкил этган.
Қишлоқ хўжалиги. Россиянинг ўзи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган барча эҳтиёжларини қоплайди ва фаол экспорт қилмоқда.
"Ўтган йил давомида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ўсиши 10 фоиздан ортиқни ташкил этди. Бу соҳадаги барча товар турлари бўйича биз ҳақиқатда ўз эҳтиёжларимизни қоплаймиз ва экспорт учун фаол ишлаяпмиз", - деди Путин.
Эслатиб ўтамиз, 14-17 июнь кунлари Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПМЭФ) бўлиб ўтмоқда. РИА Новости форумнинг медиа ҳамкори ва мезбон фотоагентлиги ҳисобланади.