Марказий банк асосий ставкани йиллик 14% даражада ўзгаришсиз қолдирди

Ўзбекистон иқтисодиётида инфляциянинг фундаментал ва мавсумий омиллар таъсирида секинлашиш динамикаси давом этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Марказий банк Бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қайд этилишича, иқтисодиётда инфляциянинг фундаментал ва мавсумий омиллар таъсирида секинлашиш динамикаси давом этмоқда. Йил охиригача жорий тенденциялар сақланиб қолиниши билан биргаликда инфляцияни кескин оширувчи хатарлар вужудга келиши эҳтимоллари камайиб бормоқда.
Келгусида ҳам иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолган ҳолда асосий ставкани пасайтириш имкониятларини кучайтиради.
Шу йилнинг май ойида умумий инфляция йиллик ҳисобда 10,4 фоизгача секинлашди. Бунда, базавий инфляция секинроқ пасайиб 12,4 фоизни ташкил этди.
Инфляцион кутилмалар
Кейинги 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмаларини пасаювчи тренди давом этиб, май ойида 13,7 фоизни ташкил этди. Ички иқтисодий шароитларнинг барқарорлашиб бораётгани тадбиркорларнинг инфляцион кутилмаларининг 13,5 фоизгача пасайишида ўз аксини топди.
Глобал инфляция жараёнлари, асосан, энергетика ва хомашё бозорларидаги нархларнинг ўтган йилги оширувчи таъсирининг камайиши ҳисобига секинлашаётган бўлса-да, инфляциянинг таргет кўрсаткичларидан баландлиги ва хизматлар соҳасидаги оширувчи хатарлар сақланиб қолаётганлиги ташқи молиявий шароитларнинг қатъий шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Банклараро пул бозорида
Ўтган йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб банклараро пул бозорида Uzonia ставкаси ва ўртача тортилган фоиз ставкалари фоиз коридори доирасида 13,5 фоиз атрофида шаклланди. Пул бозорини нисбатан узоқроқ муддатли сегментларидаги фоиз ставкалар, ликвидликнинг таркибий профицитини камайиб бориши шароитида, нисбатан ўсувчи динамикани касб этган.
Миллий валютадаги кредитлар
Миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари май ойида бироз пасайиб, 22,8 фоиз даражасида шаклланди. Ўз навбатида, кредитлаш ҳажмининг ўсиши асосан чакана кредитларни юқори суръатларда ўсиши ҳисобига таъминланмоқда. Май ойи якунлари бўйича чакана кредитлар қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга кўпайган.
Макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида 2023 йил якунига қадар инфляциянинг 8,5-9,5 фоизгача пасайиши ҳамда инфляцияни пасайтирувчи омиллар таъсирини оширувчи омилларга нисбатан кучлироқ бўлиши кутилмоқда.
“Марказий банк пул-кредит шароитларининг ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирларини синчиковлик билан баҳолашда давом этади ва пул-кредит инструментлари инфляцияни жорий йилги прогноз коридори доирасида шаклланишига қаратилади”, дейилади хабарда.
Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 27 июлга белгиланган.