ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича “CAFA Nation’s Cup 2023” турнирининг иккинчи турида Туркманистонга қарши ўйин ўтказади, дея хабар берди Ўзбекистон футбол ассоциацияси.
Учрашув соат 20:30 да “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув "Спорт" телеканали орқали жонли эфирга узатилади.
Ўзбекистонлик футболчилар тўлиқ кўк либосда, дарвозабон эса қора либосда ҳаракатланади.
Мазкур баҳсда бош ҳакам сифатида Нурзатбек Абдуқодиров (Қирғизистон) ишлайди. Унга қанотларда Сергей Гришченко (Қирғизистон) ва Моҳид Шариф Сарвари (Афғонистон) ёрдам беради. Тўртинчи расмий ҳакам вазифаси эса Ҳасан Акрамига (Эрон) топширилган.
Эслатиб ўтамиз, биринчи турда Ўзбекистон вакиллари Ўмонга қарши майдонга тушди ва 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди. Голлар 7 ва 24-дақиқада Жалолиддин Машарипов томонидан, 89-дақиқада Ҳожиакбар Алижонов томонидан киритилди.
Футбол бўйича “CAFA Nation’s Cup” халқаро турнири шу йилнинг 10-20 июнь кунлари бўлиб ўтади. Турнирда Марказий Осиё мамлакатлари: Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, шунингдек, Ўмон, Эрон ҳамда Афғонистон мамлакатлари терма жамоалари иштирок этмоқда.