Чилонзордаги цехда портлаш оқибатида 6 киши жароҳатланди

Жароҳатланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Бугун, 14 июнь куни, соат 09:50 да Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Астробод кўчасида жойлашган мис қувурлари ишлаб чиқариш цехининг бир қаватли бостирмасида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти бошчилигида ёнғин-қутқарув экипажлари, шунингдек, Прокуратура, ИИВ, МГ, ССБ, Ҳудудгаз ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари етиб борган. Айни вақтда ҳодиса оқибатлари бартараф этилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, чақнаш оқибатида 6 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.