Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Украина хориждан олган техникасининг 25-30 фоизини йўқотди — Путин

Россия Украинага Ғарб давлатлари томонидан етказиб берилган ҳарбий техниканинг учдан бирини йўқ қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин ҳарбий мухбирлар билан учрашув чоғида Украина Қуролли кучлари қарши ҳужум пайтида зирҳли техникадаги жиддий йўқотишларга дуч келганини айтди.

"Украина Қуролли кучлари қарши ҳужум вақтида 160 тадан зиёд танкларини йўқотди. Зирҳли техникага келсак, йўқотишлар бундан ҳам жиддийроқ — улар 360 тадан ортиқ турли турдаги зирҳли техникани йўқотди", — деди Россия президенти.

“Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, бу хориждан етказиб берилган техникаларнинг тахминан 25 фоизи, балки 30 фоизини ташкил этади”, — деди Путин.
Украина ҚКнинг шахсий таркиб бўйича йўқотишларини Россия президенти "ҳалокатли" деб атади.
“Йўқотишлар яраланганлар бўлиши мумкин, ёки қурбонлар бўлиши мумкин. Одатда қайтариб бўлмас йўқотишлар 25% атрофида бўлади, лекин уларда бу кўрсатгич 50 ка 50", - деди Путин.
"Россия аскарлари орасида ҳам албатта йўқотишлар бор. Биз ҳимояланувчи томон бўлганимиз учун бизда йўқотишлар камроқ. Тахминан бирга ўн миқёсида дейишим мумкин. Аниқ рақамларни Мудофаа вазирлиги айтади", - деб қўшимча қилди президент.
Шу билан бирга Россия бош қўмондони махсус операция мақсадлари ўзгармаслигини ва Украинани демилитаризация қилиш босқичма-босқич олиб борилаётганини яна бир бор таъкидлади.
Шунингдек, давлат раҳбари бугунги кунда Россия Қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган аскарлар махсус операция ҳудудига жўнатилмаслигини ва қўшимча мобилизацияга эҳтиёж йўқлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Президент айтишига кўра, 2023 йилнинг январь ойидан буён 150 минг киши Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган.