Термизда IT оромгоҳида таҳсил олган ўқувчи қизларга сертификат топширилди — фото

Бу мен учун жуда муҳим воқеа бўлди, деб ёзади Мирзиёева.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Кеча, 12 июнь куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 13 ва 26-умумтаълим мактабларининг IT оромгоҳида таҳсил олган ўқувчи қизларга сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
Термизда IT оромгоҳида таҳсил олган ўқувчи қизларга сертификат топширилди
“Бу мен учун жуда муҳим воқеа бўлди. Биринчидан, қизлар замонавий IT соҳасининг сир-асрорини эгаллаётганини кўриб, қалбим қувончга тўляпти. Бу IT оромгоҳи қизларнинг ўзларига бўлган ишончларини уйғотишда муҳим қадам бўлди. Иккинчидан, ёшлар учун янги имкониятлар очаётган бундай оромгоҳлар, тўгараклар, ўзига хос курслар мамлакатимиз президенти раҳбарлигида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасига мисолдир”, - деб ёзади Мирзиёева.
Термизда IT оромгоҳида таҳсил олган ўқувчи қизларга сертификат топширилди
Таъкидланишича, иккала мактаб ўқувчилари орасида афғонистонлик қизлар ҳам бор, улар ҳам ихтисослаштирилган оромгоҳда таҳсил олишди.
“Қўшни мамлакатда таълим олмоқчи бўлган қиз-аёллар қандай қийинчиликларга дуч келишини ҳаммамиз яхши англаймиз. Мен Ўзбекистон уларнинг бир неча нафарига бўлса-да, орзуларини рўёбга чиқаришга ёрдам бераётганидан фахрланаман”, - деб ёзди Мирзиёева.
Термизда IT оромгоҳида таҳсил олган ўқувчи қизларга сертификат топширилди