Қўқондаги бозорда йирик ёнғин содир бўлди — видео

Қўқон шаҳри “Буюк ипак йўли” савдо комплекс ҳудудидаги дўкон расталарида соат 19:17 да ёнғин содир бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган савдо комплексларида 12 июнь куни ёнғин содир бўлди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Қайд этилишича, ёнғин шаҳарнинг Байналминал кўчасида жойлашган “Буюк ипак йўли” савдо комплекс ҳудудидаги дўкон расталарида соат 19:17 да бошланган.
Ёнғинга соат 19:25 да биринчи бўлинмалар етиб борган вақтда савдо комплекcлари очиқ аланга билан ёнаётганлиги аниқланган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин 20:25 да қуршаб олиниб, соат 23:30 да бартараф этилган.
Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, бу ёнғин бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.