Бу қизиқ

Ошқозон кичрайтириш амалиёти қандай ҳолларда тавсия этилади?

ЖССТ маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб, Ер юзи аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 июн — Sputnik. Сўнгги вақтларда ошқозон қисқартириш амалиёти орқали семизликдан қутилиш оммалашиб боряпти. Ушбу жарроҳлик операцияси қанчалик хавфсиз? У қандай ҳолларда тавсия этилади?
Шу каби саволларга академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Шуҳрат Ҳошимов жавоб берди.
“Cемизликка чалинган беморларнинг кўпчилиги бугун парҳез тутиш, спорт билан шуғулланиш каби табиий озиш усулларидан кўра, тезроқ натижага эришиш ва муаммодан қисқа муддатда халос бўлишни маъқул кўрмоқда”, - дейди мутахассис.
Таъкидланишича, жаҳон тиббиёти учун бариатрия, яъни ошқозон, ичак ёки иккаласини бирга хирургик ўзгартириш амалиёти янгилик эмас.
Қайд этилишича, ошқозоннинг катталиги семизликка асосий сабаб эмас. Ортиқча вазннинг юзага келишига бир неча омиллар сабаб бўлади. Яъни камҳаракатлик, турли зарарли одатлар, қандли диабет, депрессия, стресс, психоневрологик ўзгаришлар оқибатида кўпинча инсонда семириш кузатилади. Шунингдек, гормонал ўзгаришлар ва гормон дориларни қабул қилиш ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.
“Тиббиётда семизлик турли даражаларга бўлинади. Тана вазни индекси 30 дан 35 гача бўлса, биринчи, 35-40 гача иккинчи, 40 дан тепаси учинчи даражали ҳисобланади. 40 дан юқори бўлганда 16-60 ёш оралиғидаги беморларга жарроҳлик йўли билан озиш тавсия қилинади”, - деди мутахассис.
Шунингдек, тана индекси 35 дан юқори ва қандли диабет, гипертония, остеохондроз, қонда липидлар миқдорининг баландлиги, юрак ишемик ҳамда артроз каби ёндош хасталиклар бўлганда ҳам мазкур амалиётни ўтказиш мумкин.
Маълум қилинишича, бундан ташқари, озишга табиий чоралар фойда бермаганда ҳам бу муолажа усулига мурожаат қилинади. Бариатрик жарроҳликдан сўнг беморлар сезиларли ва тез вазн йўқотади.
ЖССТ маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб, Ер юзи аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин. Энг ёмони, бу касаллик нафақат катталар, балки ёшлар орасида ҳам кенг тарқалмоқда.