ТОШКЕНТ, 8 июн – Sputnik. Ўзбекистонда “Green University” – Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилди. Университет шу йили сентябрь ойида абитуриентларни қабул қилишни бошлайди.
Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг муҳим экологик, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий муаммоларини ҳал этишга қодир мутахассислар, олим, тадқиқотчи, раҳбар ва тадбиркорларни тайёрлаш Университетнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Хабарда айтилишича, ўқув машғулотлари ўзбек, рус ва инглиз тилларида кредит-модуль тизимида олиб борилади. Бакалавриат босқичида инглиз тилида ва БМТниг расмий тилларидан бирида дарслар ўтилади.
Ўқув жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Етакчи, эътироф этилган халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва бошқа) сертификатларига эга абитуриентлар тегишли фанлардан энг юқори балл олади ва ушбу фанлардан имтиҳондан озод қилинади.
Шунингдек, ҳар йили Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларига бакалавриатда ўқиш учун камида 25 та грант ўринлари, шунингдек, магистратура ва докторантура (PhD) мутахассисликлари бўйича камида 20 та грант ўринлари ажратилади.
2023 йил 1 сентябрдан олий таълим муассасаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмончилик, “яшил” иқтисодиёт ва гидрометеорология ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалари учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.
Бунда, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларнинг бир йиллик тўлов-контракт суммаси қопланган ҳолда, ҳар ойда БҲМнинг 3 бараварида (990 минг сўм), давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга ҳар ойда БҲМнинг 6 бараварида (1 млн 980 минг сўм) стипендиялар тайинланади.
Битирувчиларга Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган давлат намунасидаги диплом берилади.
Университетни тамомлаган Ўзбекистон фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига, 5 йиллик иш стажига эга бўлгандан кейин – мутахассислиги бўйича раҳбар лавозимларга тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.
Ўзбекистонлик абитуриентлар ОТМда қуйидаги талаблар асосида давлат грантида ўқиши мумкин:
тегишли халқаро дастурлар (International Baccalaureate, Advanced Placement, International Advanced Levels) бўйича диплом ёки сертификатларга эга бўлган Президент мактаблари битирувчилари;
вазирлик тизимидаги ихтисослаштирилган техникумларни битирувчилари ушбу муассасалар учун ажратилган қабул параметрларига мувофиқ кириш имтиҳонлари асосида;
Халқаро экология олимпиадаси (INEPO), Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPO), Халқаро кимё олимпиадаси ((ICO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро география олимпиадаси (IGO), информатика бўйича халқаро олимпиада (IIO) ва Ер фанидан халқаро олимпиада (IESO) ғолиблари;
университетга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган Ўзбекистон фуқаролари;
ижтимоий ҳимоянинг ягона реестрига киритилган оилаларнинг университетга кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширган фарзандлари.