ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Украина қўшинлари Запорожье вилоятида кенг кўламли қарши ҳужумни бошлади, уларнинг мудофаани ёриб ўтишга бўлган барча уринишлари катта йўқотишларга олиб келди, деб маълум қилди “Мы вместе с Россией” (Биз Россия билан биргамиз) жамоат ҳаракати раҳбари Владимир Рогов РИА Новости’га.
"Душман фронтнинг Запорожье участкасига максимал куч ва техникани ташлади. Бундай миқдор бизнинг йўналишда ҳеч қачон қўлланилмаган. Душман ҳужуми, жумладан, артиллерия, авиация ва танк захираларини қўллаш орқали тўхтатилди", - дейди агентлик суҳбатдоши.
Унинг аниқлик киритишича, Украина ҚКнинг асосий ҳужуми Орехово шаҳрининг жануби ва жануби-шарқида Токмак йўналишида тўпланган.
Украина қўшинларининг мудофаа чизиғини ёриб ўтишга бўлган барча уринишлари муваффақиятсизликка учради: улар "катта йўқотишларга" дучор бўлиб, янги ҳужум учун куч тўплаш учун орқага чекинишди.
"Айни дамда Украина ҚК Работино қишлоғи яқинида бир баландликда мустаҳкам ўрнашиб олишга муваффақ бўлди. Ҳозир у ерда тўхтовсиз жанглар давом этмоқда, ҳарбийларимиз душманга зарба бермоқда", - дея қўшимча қилди Рогов.
Унинг сўзларига кўра, Украина қўшинларининг мақсади - Қримга қуруқлик йўлагини кесиб ўтиш учун операцион чўл кенглигига кирган Токмак шаҳрини эгаллаб, Азов денгизига чиқиш.