Тошкент ИЭМда қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди

Мазкур станция йилига 1 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Тошкент иссиқлик электр марказида қуввати 505,6 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Тошкент ИЭМда қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди
Таъкидланишича, мазкур қуёш панелларини ўрнатиш ва монтаж қилиш ишлари якунланиб, қурилма тўлиқ яшил энергия ишлаб чиқаришни бошлади.
Корхонада муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳисобига ўз эҳтиёжлари учун сарфланадиган электр энергиясини 30-40 фоизи тежалишига эришилмоқда.
Маълум қилинишича, мазкур станция йилига 1 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бунинг натижасида йилига 100 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.
Маълумот учун, марказда 2022 йилда жами сиғими 2400 литр бўлган 17 та қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилган бўлиб, йилига 100 минг Гкал иссиқлик энергияси иқтисод қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, май ойи охиридан “Яшил Энергия” МЧЖ томонидан республика ҳудудлари бўйлаб ижтимоий ва давлат объектлари ҳамда бошқа ташкилотлар эҳтиёжлари учун кичик қувватли қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш ишлари бошланганди.