ТОШКЕНТ, 8 июн – Sputnik. Франция пойтахти Парижда “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалар” номли кўргазма ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.
Кўргазма Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган бўлиб, Араб дунёси институтида очилган эди. Хабарда келтирилишича, кўргазма очилгандан буён унга 185 мингдан ортиқ томошабин келган.
Унда Ўзбекистоннинг 9 та музейи тўпламларига мансуб 300 дан ортиқ ноёб буюмлар ўрин олган. Жумладан, кўргазмада XIX – XX аср ўрталарига оид миллий тўқимачилик маҳсулотлари, либослар, безаклар, Бухоро амирлиги даврининг зардўзли чопонлари, шунингдек, Туркистон авангардига оид рангтасвир асарлар ўрин олган.