ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Кеча, 7 июнь куни Индонезия Туризм ва креатив иқтисод вазири Сандиага Салаҳуддин Уно раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков билан учрашди. Бу хақда Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Томонлар Имом ал-Бухорий ҳаёти ва ижоди тўғрисида ҳамда Индонезия президенти Сукарнонинг Ўзбекистонга ташрифи бўйича “Бухорийни излаб” хужжатли фильмини ишлаб чиқиш ва уларни икки давлатда намойишини ташкил этиш каби масалаларни муҳокама қилишди.
© Пресс-служба министерства культуры и туризма РУЗ
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида ҳалол туризм йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш, туристларни жалб қилиш учун алоҳида ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда 2024 йилда Индонезияда Ўзбекистон маданияти ва туризм кунларини ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашув натижасига кўра, Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.