ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. 2023 йилнинг тўрт ойи якунларига кўра Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 18 фоизга ошиб, қарийб 6 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон кузатувчи мақомида ЕОИИ мамлакатлари билан савдо муносабатларини кенгайтириш ва янги иқтисодий ўсиш нуқталарини шакллантириш бўйича изчил иш олиб бормоқда.
“Биргина бу йилнинг тўрт ойи якунларига кўра Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 18 фоизга ошди ва қарийб 6 миллиард долларни ташкил этди”, - деди Арипов. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтиран.
Ўзбекистон бош вазирининг маълум қилишича, мамлакатда ЕОИИ мамлакатлари капитали иштирокида 1,5 мингтадан зиёд корхона ташкил этилган.
ЕОИИ 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлган. Молдова ва Куба ҳам кузатувчи мақомига эга.