ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари бир қатор давлатлар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиб бўлишди, истиқболда ҳамкорлар рўйхати фақат кенгайиб боради. Бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши мажлиси якунида маълум қилди.
“Иттифоқнинг савдо муносабатлари бизнинг ташқи ҳамкорларимиз билан фаол ривожланмоқда. Биз бугун ҳамкорларимиз билан батафсил муҳокама қилган қатор келишувлар бор: бу Вьетнам, Эрон, Сербия билан ҳамкорлик. Бу рўйхат, шубҳасиз, яқин келажакда кенгаяди”, - деди Мишустин.
Россия ҳукумати раҳбари бугунги кунда Миср, Индонезия, БАА билан эркин савдо ҳудудини ташкил этиш борасида музокаралар олиб борилаётганини эслатди.
“Бу йўналишда Эрон билан ҳам муваффақиятли олға силжияпмиз. Ҳамкорликнинг бундай шакли фойдали ва мамлакатларимиз бизнеси учун қўшимча имтиёзлар эшигини очади. Ва, албатта, асосийси, товар айирбошлашимиз ўсишига хизмат қилади”, - деди у.
Аввалроқ 2023 йилнинг тўрт ойи якунларига кўра Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 18 фоизга ошиб, қарийб 6 миллиард долларни ташкил этгани хабар қилинган эди.
ЕОИИ 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлган. Молдова ва Куба ҳам кузатувчи мақомига эга.