ЕОТБ Ўзбекистонда қуёш энергетикасига сармоя киритишни ўйламоқда

ЕОТБ Ўзбекистонда кўп миллионли қуёш электр станцияси қуришга сармоя киритишни режалаштирмоқда. Айни дамда лойиҳа баҳолаш босқичида.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) Ўзбекистонда қуёш электр станцияси қуришга сармоя киритиши мумкин. Бу ҳақида 8-9 июнь кунлари Сочида бўлиб ўтаётган Евроосиё конгресси’23 тадбирида маълум бўлди.

"Тажриба лойиҳанинг қиймати 30 миллион долларни ташкил этади. Бунда банкнинг иштироки 21 миллион доллар бўлади. Келажакда лойиҳанинг умумий қуввати 2000 МВтга етиши, капитал харажатлари эса — 1,2 млрд долларгача ўсиши кутилмоқда. Айни дамда лойиҳа ЕОТБ томонидан баҳолаш босқичида турибди", - дейилади хабарда.

Хабарда айтилишига кўра, бу МДҲда электр энергиясини тўғридан-тўғри якуний истеъмолчига сотиш ҳуқуқига эга биринчи лойиҳа бўлади.
Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга оширишда ЕОТБ Арманистонда қуёш энергетика соҳасида амалга оширилган лойиҳалар тажрибаси ва технологиялардан фойдаланади. Маълумот учун, ЕОТБ Арманистонда 2017 йилдан буён қуёш энергетикаси соҳасида бир неча лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунда сармояларнинг умумий миқдори 650 млн доллар, қуёш электр станциялар қуввати 600 МВтга етган.