ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik. Тошкент шаҳрининг Амир Темур, Шаҳрисабз, Шота Руставели ва Янги Сергели кўчаларида тезкор автобуслар ҳаракатланиши учун алоҳида ажратилган автобус йўлагини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ҳукумат қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
Мазкур кўчалардаги чорраҳаларда светофорларнинг мувофиқлаштирилган бошқарув тизими жорий этилади. Чорраҳаларнинг геометрик параметрларини ўзгартириш орқали самарадорлиги оширилади.
Йўналишсиз такси учун йўловчиларни тушириш/чиқариш майдончалари жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Эҳтиёждан келиб чиқиб, йўл транспорт ҳодисалари таҳлили асосида тартибга солинган пиёдалар ўтиш йўлакларини жорий қилиш ва светофорларнинг мувофиқлаштирилган тизимга интеграция қилиш, хавфсизлик оролчаларини жорий этиш ҳам режада бор.
Жамоат транспорти инфратузилмаси объектлари талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда реконструкция қилинади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу кўчаларидаги қурилиш ва таъмирлаш ишларини 2023 йил якунига қадар тўлиқ тугатиш чораларини кўриши зарур.