Хитой Ўзбекистондан қуритилган ва ҳўл мевалар олишга қизиқиш билдирди

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик барқарор ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Кеча, 5 июнь куни Савдо-саноат палатасида Хитойнинг Хубэй провинцияси савдо департаменти бошлиғи ўринбосари Кю Кеминг бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистонда филиали бўлган “Huaxin Cement” цемент ишлаб чиқариш корхонаси вакиллари ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик барқарор ривожланиб бораётгани қайд этилди. Шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар муҳокама қилинди. Хорижий томон Хитойга маҳаллий қуритилган ва ҳўл меваларни олиб киришга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунлари бўйича ҳамкорлик тафсилотларини келгусида батафсил муҳокама қилишга, хусусан, музокаралар давомида қайд этилган лойиҳаларни ишлаб чиқишни кўриб чиқишга келишиб олинди.