Тошкентда электробус ва “Cobalt” иштирокида ЙТҲ содир бўлди: қурбон бор

“Cobalt” светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига ҳаракатланиб келиб, электробуснинг олд ён қисмига урилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида “Yutong” русумли электробус ва “Cobalt” автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, авария 6 июнь куни соат 15:20 ларда Дўрмон йўли-Ғазалкент кўчалари кесишган чорраҳада содир бўлган. “Cobalt” светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига ҳаракатланиб келиб, электробуснинг олд ён қисмига урилган.
Пойтахт ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида 2003 йилда туғилган “Cobalt” ҳайдовчиси ҳалок бўлган, машинадаги йўловчи эса тан жароҳати олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан (“Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлишига сабаб бўлса”) жиноят иши қўзғатилган.
Тергов давом этмоқда.
Аввалроқ 5 июнь куни Яккасарой туманида “Yutong” русумли электробус ва икки машина иштирокида ЙТҲ юз бергани хабар қилинган.