ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Украина Қуролли кучларининг фронт чизиғидаги йўқотишлари 350 минг кишини ташкил этади, деди АҚШ президенти лавозимига даъвогар кичик Роберт Кеннеди “Fox News” телеканалига берган интервьюсида.
“Ҳозир фронт чизиғида 350 минг киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот бор. Бу ҳақда бизга айтишмайди”, - деди у.
Унинг сўзларига кўра, Америка маъмурияти ва Киев расмийлари атайлаб Украина Қуролли кучлари йўқотишларининг ҳақиқий сонини маълум қилмайди. Бундан ташқари, АҚШ президентлигига даъвогарнинг фикрича, АҚШ расмийлари Украинадаги можаронинг асл сабаби ҳақидаги ҳақиқатни ҳам айтмайди.
“Оқ уйдаги неоконсерваторлар 10 йилдан бери бу урушни қўзғатмоқда. Ва улар ҳар қандай тинчлик музокаралари ва бу можарони ҳал қилишга уринишларни эътиборсиз қолдиришда давом этмоқда. Буларнинг барчаси русларни чарчатиш учун қилинмоқда”, - деди у.
Ўтган йилнинг ноябрида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен махсус ҳарбий операция бошланганидан бери Украинанинг йўқотишлари сони 100 мингдан ортиқ аскарни ташкил қилганини айтган эди.