ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Ўзбекистонда шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун қонун олдида ўз жазосини тўлиқ ўтаб бўлгандан сўнг судланмаган деб ҳисобланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати Sputnik мухбирига маълум қилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жиноят кодексининг 77 ва 85-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.
Қайд этилишича, жиноят қонунчилигида шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун судланганлигининг тугалланишига оид алоҳида норма мавжуд эмас.
Депутатлар таклиф этаётган қонун лойиҳаси билан 18 ёшга тўлмаган шахслар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлганидан кейин "судланмаган" деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Ўта оғир жиноятлар бундан мустасно.
"Бундай норма жиноят оқибатлари шахснинг келгуси ҳаётига таъсир қилмаслиги ва ўз ҳаётини янгитдан бошлаши учун имконият берилишини таъминлаш мақсадида киритилмоқда", - дейилади хабарда.
Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосинниг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойга қисқартирилмоқда.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштириб, вояга етмаганларнинг ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда янгитдан бошлашига имкон беради.