Бўка туманида тергов вақтида вафот этган шахс юзасидан расмий маълумот берилди

Фуқаро бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб қўлга олинган бўлган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июн –Sputnik. Тошкент вилояти Бўка туманида 4 июнь куни 36 ёшли фуқаро ички ишлар ходимлари томонидан суриштирув ўтказилаётган вақтда вафот этди. Воқеа юзасидан жами 7 нафар ички ишлар тизими ходими ишдан бўшатилган, дея хабар берди Ички ишлар вазирлиги.
Маълум қилинишича, марҳум ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб, 3 июнь куни ҳимоячиси Х.Юлдашева иштирокида Бўка туман ИИБ тергов хонасида сўроқ қилинган. Айтилишича, сўроқ видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган.
ИИБ хабарига кўра, шу куни соат 23:30 ларда гумонланувчининг соғлиғи ёмонлашган. Тез тиббий ёрдам чақиртирилган, бироқ шифокорлар муолажаларига қарамасдан, у касалхонада вафот этган.

"Аниқланишича, соат тахминан 22.00ларда гумонланувчи Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган", - дейилади хабарда.

Суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра, марҳумнинг танасида тан жароҳатлари аниқланган. Шундан сўнг, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган.
Шунингдек, ИИВнинг буйруғи билан холис тергов ва текширувни таъминлаш мақсадида хизмат вазифасига маъсулиятсизлик билан ёндошган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Воқеага алоқадор тезкор ходимлар эса ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.

"Ходимлар ўз жиноий қилмишларини рад этаётган бўлсада, марҳумнинг танасида тан жароҳатлари борлигини ҳисобга олиб прокуратура томонидан қўшимча гистологик (ички органлар ва тўқималардаги жароҳат вақти ва жаражасини аниқлаш бўйича) экспертиза тайинланган", - дея қўшимча қилинган хабарда.

Экспертиза хулоласи бўйича ходимларнинг жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.