ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. АҚШ президентлигига номзодини қўйишини эълон қилган америкалик тадбиркор Вивек Рамасвами Россия-Хитой иттифоқини парчалаш зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақда РИА Новости "Fox News" телеканалига таяниб хабар берди.
Вивек Рамасвамининг сўзларига кўра, Россия-Хитой иттифоқини парчалаш зарур, чунки у Вашингтон учун энг катта ҳарбий таҳдид ҳисобланади.
“Ўйлайманки, биз Хитой-Россия иттифоқига жиддий зарба беришга эътибор қаратишимиз керак, чунки менимча, бу биз дуч келадиган энг катта ҳарбий таҳдид”, — деди у.
Рамасвамининг сўзларига кўра, Россия Федерацияси билан иттифоқ Хитойнинг Тайванга қарши ҳаракатларига ишонч беради, чунки Пекин Вашингтон бир вақтнинг ўзида иккита ядровий қудратли давлатга қарши чиқмайди, деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, у Хитой Коммунистик партияси ислоҳот қилмагунча ва Пекин ўз сиёсатини ўзгартирмагунча, Хитой билан бизнес юритишни тақиқлаш тарафдори.
Аввалроқ Россия Федерацияси ва Хитой ўзларининг стратегик ҳамкорлиги учинчи давлатларга қарши қаратилмаганлигини бир неча бор таъкидлаган эди. Москва Ғарбнинг Россия-Хитой муносабатларига путур етказиш уринишларини қайд этиб, ҳеч ким муваффақиятга эриша олмаслигини айтди.