Ҳиндистонда 200 млн $лик кўприк битмай туриб қулаб тушди — видео

Ҳиндистоннинг Бихар штатида қурилиши тугалланмаган кўприк қулаб тушди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Ҳиндистоннинг Бихар штатида қурилиши тугалланмаган транспорт кўпригининг 200 метрли қисми сувга қулаб тушди, жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ, деб хабар бермоқда Times of India.
Бу кўприкнинг бир йил ичида иккинчи қулаши бўлиб, 2022 йил апрел ойида кўприкнинг бир қисми қулаганди. Ўшанда қулаш сабаби сифатида заифлашган трос кўрсатилган бўлса, баъзи мутахассислар аварияга сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиш сабаб бўлганини айтишган.
Узунлиги 3,1 километр бўлган кўприк қурилиши 2014 йилда бошланган ва 2019 йилда якунланиши кутилаётган эди. Ўшандан бери бу муддат тўрт марта узайтирилди. Қурилиш қиймати 17,1 млрд рупийга (207 млн $) баҳоланган.
Ижтимоий тармоқларда қулаган кўприк видеоси пайдо бўлганидан кўп ўтмай, штат расмийлари матбуот анжумани ўтказиб, экспертлар унинг дизайнидаги конструктив камчиликларни қайд этганидан сўнг қулаш кўприкни атайлаб бузишнинг бир қисми эканлигини айтишди.
"Эслатиб ўтамиз, бу кўприкнинг бир қисми ўтган йилнинг 30 апрелида қулаган эди. Шундан сўнг биз тадқиқот ўтказиш илтимоси билан Роорки технология институтига мурожаат қилдик", - деди Бихар бош вазир ўринбосари Тежашви Ядав.
Ўз навбатида, йўл қурилиши департаменти вакили Пратяй Амрит бузилиш "профилактика чораси" эканлигини айтди.
"Якуний ҳисоботни кутиш керак эмас деган қарорга келдик. Шунинг учун биз кўприк қисмларини демонтаж қилишни давом эттирдик. Бу шундай профилактика чораси эди", - деди у.