Қатар Амири давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Олий мартабали меҳмон ташрифининг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Олий мартабали меҳмон ташрифининг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Бўлажак олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Бунда, энг аввало, фаол сиёсий мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эътибор марказида бўлади.
Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.
Учрашув якунида салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, Қатар Амирининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 25 йилдан зиёд тарихида биринчиси бўлади.