ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи саммити доирасида Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель билан учрашув ўтказди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашувда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва минтақавий форматда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалаларнинг кенг доираси кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва ЕИ етакчилари икки томонлама савдони диверсификация қилиш ва ҳажмини ошириш, “GSP+” имтиёзли савдо тизимининг амал қилиш муддатини узайтириш, самарали транспорт йўналишлари, энг аввало, Транскаспий транзит йўлагини ривожлантириш, “яшил” энергетика, инновациялар ва юқори технологиялар, рақамлаштириш, экология, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталишди.
Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларни ва ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.