Ўзбекистон ва Эрон ўзаро савдони ошириш чораларини келишиб олди

Икки давлат имтиёзли савдо битимини қабул қилишни жадаллаштиради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Ўзбекистон ва Эрон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказишни режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар бермоқда.
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 15-йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирга Ўзбекистон томонидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Эрон томонидан эса Эрон саноат, конлар ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Саид Маҳдий Ниёзий ҳамраислик қилди. Унда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурини имзолашга келишиб олди.
Имтиёзли савдо битимини қабул қилиш жадаллаштирилади, иккала давлатнинг ҳудудларида “Маde in Iran” ва “Made in Uzbekistan” кўргазмалари ўтказилади.
Бундан ташқари, икки томонлама савдодаги тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилади.
Маълумот учун, сўнгги уч йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки баравар ошди. Охирги беш йил ичида Ўзбекистонда Эрон капитали иштирокидаги корхоналар сони уч бараварга кўпайиб, 420 тага етган.