Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда МО ва ЕИ саммитида иштирок этади

Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги навбатдаги олий даражадаги учрашувда иштирок этиш учун 2 июнь Чўлпонота шаҳрида бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik.Ўзбекистон президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи саммитида иштирок этади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги навбатдаги олий даражадаги учрашувда иштирок этиш учун 2 июнь куни амалий ташриф билан Қирғиз Республикасининг Чўлпонота шаҳрида бўлади.
Кун тартибидан Марказий Осиё мамлакатларининг Евроиттифоқ билан конструктив мулоқотини янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари ўрин олган.
"GSP+" тизимидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдони кўпайтириш, инвестиция ва инновация лойиҳалари учун қулай шароит яратиш ва уларни илгари суришга кўмаклашиш, “яшил” энергетикани жорий этиш, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, рақамли ўзаро боғлиқлик, экология, туризм, маданият ва бошқа йўналишлардаги шерикликнинг долзарб жиҳатлари диққат марказида бўлади.
Саммит доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Маълумот учун, бундай форматдаги биринчи минтақавий учрашув 2022 йил 27 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган эди.