Лукашенко МДҲ мамлакатлари учун асосий таҳдидни маълум қилди

Беларусь етакчиси МДҲ атрофидаги ҳарбий-сиёсий вазият тобора кескинлашаётганини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Бугунги кундаги асосий таҳдидлардан бири ахборот-руҳий таъсир кўрсатиш, атайлаб ёлғон ахборот тарқатишдир. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо мамлакатлар махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида маълум қилди.
Лукашенконинг фикрича, бундай хатти-ҳаракатларнинг мақсади халқаро майдонда МДҲ мамлакатлари обрўсига путур етказиш бўлади.
Беларусь раҳбари Ғарбнинг ахборот монополияси, хусусан, интернет, ижтимоий тармоқлар ва халқаро ОАВлар устидаги назорати бунга кўмаклашишини таъкидлади.
“МДҲ атрофидаги ҳарбий-сиёсий вазият тобора кескинлашмоқда, ва яна кескинлашади. Бизнинг - Россия, Беларусь, Марказий Осиё давлатлари – атрофимиздаги катта ўйинчилар аста-секин бизни ажратишга уринишларини тушунишимиз лозим. Биз бунга йўл қўймаслигимиз шарт”, - деди Лукашенко. Унинг сўзларидан Sputnik Беларусь иқтибос келтирган.
У Ғарб ўзи баъзан инобатга олмайдиган халқаро ҳуқуқдан МДҲ мамлакатларига босим ўтказиш учун фойдаланаётганини қўшимча қилди.
Беларусь президентининг сўзларига кўра, МДҲ махсус хизматлари маълумотлари Ҳамдўстлик мамлакатларига нисбатан таҳдидлар ортиб боришидан далолат бермоқда.