ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 июнидан бошлаб бир қатор чеклов ва талаблар бекор қилинмоқда. Бу борада май ойининг бошида имзоланган президент фармонида айтиб ўтилган.
Мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик мақсадида қуйидагилар бекор қилинади:
тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби;
чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловлар.
Ундан ташқари, мазкур фармонига мувофиқ, 2023 йилнинг июль ойи давомида фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг янги механизмларини жорий қилиш ва Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар тўғрисидаги қонунни бекор қилувчи янги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳам белгиланган.