Ҳиндистон раислигидаги ШҲТ саммити қачон ва қандай форматда ўтказилиши маълум бўлди

Саммитда қатнашиш учун ШҲТга аъзо барча давлатлар таклиф этилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) нинг Ҳиндистон раислигидаги илк ва умумий ҳисоб бўйича 23-саммити 2023 йил 4 июль куни онлайн форматда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Саммитда қатнашиш учун ШҲТга аъзо барча давлатлар таклиф этилган: Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон. Бундан ташқари, Эрон, Беларусь ва Мўғулистон кузатувчи давлатлар сифатида, Туркманистон меҳмон сифатида таклиф этилган.
Саммитда ШҲТнинг икки органи – котибият ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) раҳбарлари ҳам иштирок этади.
Бўлажак саммитнинг мавзуси – “Towards a SECURE SCO” (“Хавфсиз ШҲТ йўлида”).
ШҲТ саммити ўтган йил сентябрь ойида Самарқандда ўтказилган эди.
ШҲТнинг Самарқанд саммити доирасида Эроннинг ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Беларусга ШҲТ тўлақонли аъзоси мақомини бериш тартибини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
ШҲТ - 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Унга Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон аъзо.
Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка.