Балида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси гиёҳванд моддалар савдосида гумонланиб ҳибсга олинди

Полиция ходимлари 1678 грамм марихуана, 67 грамм гашиш ва учта пневматик қурол кўринишидаги далилларни мусодара қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Индонезиянинг Бали ороли полицияси халқаро наркотик савдоси билан шуғулланувчилар тармоғини фош этгани, Россия ва Ўзбекистоннинг бир неча фуқаролари ҳибсга олинганини маълум қилди.
Индонезиянинг “Kompas” портали ҳибсга олинганларнинг умумий сонидан икки нафар россиялик - Денис Комаров ва Денис Романов ҳамда икки нафар ўзбекистонлик - Азамат Бабниязов ва Магомед Ҳамидовларнинг исмларини келтирган. Ҳибсга олинган хорижликларнинг аниқ сони айтилмаган.

“Полиция ходимлари 1678 грамм марихуана, 67 грамм гашиш ва учта пневматик қурол кўринишидаги далилларни мусодара қилди. Азамат Бабниязов Денис Романовдан кўрсатма олганини ва уларга буюртма берган хорижликларга гиёҳванд моддалар етказиб берганини тан олди”, — дейилган хабарда.

Кейинроқ ўзбекистонлик Ҳамидов Бадунг округи, Керобокан туманидаги виллалардан бирида полиция томонидан қўлга олинган. Полиция ходимлари қўлга олинган шахсдан марихуана, гашиш ва кокаинни мусодара қилган.
Таъкидланишича, Ҳамидов Комаровдан гиёҳванд моддаларни олган, деган гумон бор. Сўроқ пайтида Комаров ҳам, Романов ҳам бошқа гумонланувчиларга товар сотганликларини тан олишмаган. Тергов давом этмоқда.