Таэквондо WT бўйича ЖЧ: ўзбекистонликлар иштироки қандай якунланди?

Бокуда старт олган таэквондо WТ бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли бошланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Озарбайжонда ўтаётган таэквондо WТ бўйича жаҳон чемпионатида Улуғбек Рашитов бронза медаль соҳиби бўлган бўлса, Мадина Мирабзалова иштирокини кучли саккизликда якунлади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Бокуда старт олган таэквондо WТ бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли бошланди. Илк куннинг ўзидаёқ терма жамоа бронза медалига сазовор бўлди.
-68 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Улуғбек Рашитов шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Ярим финалгача бўлган йўлни муваффақиятли босиб ўтган спортчи финал остонасида кореялик Хо-Жун Жинга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

"Бу Рашитов учун фаолиятида жаҳон чемпионатларидаги илк медал ҳисобланади", - дейилади хабарда.

Мадина Мирабзалова (-57 кг) эса жаҳон чемпионатидаги иштирокини чорак финалда тўхтатмоқда. Бразилиялик Мариа Пачекога қарши баҳс олиб борган спортчи 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва кучли саккизликдан жой олди.