Ўзбекистон президенти сайлови — 2023

ЎзЛиДеП Ўзбекистон президентлигига номзод ва унинг дастурини тасдиқлади

ЎзЛиДеПнинг XI съездида сайловда партиядан кўрсатиладиган номзод масаласи муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП)нинг XI съездида Шавкат Мирзиёевни президентликка номзод сифатида кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Съездда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан делегатлар қатнашди.
Съездда шу йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловида O'zLiDePнинг иштироки ва сайловда партиядан кўрсатиладиган номзод масаласи муҳокама қилинди.

"Съезд делегатлари Шавкат Мирзиёев номзодини бўлажак сайловда партия номидан кўрсатиш тўғрисида якдиллик билан қарор қабул қилишди", - дейилган хабарда

Съездда Ўзбекистон президенти лавозимига номзод Шавкат Мирзиёев ўз дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.
Дастур бешта мақсадни қамраб олган: биринчи мақсад – “ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш”дан иборат. Ушбу мақсадга эришиш учун мактабгача ва мактаб таълимини юқори босқичга олиб чиқиш бўйича янги дастурларни амалга ошириш, 2030 йилгача мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, қамровни 100 фоизга етказиш, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча харажатларини давлат томонидан тўлиқ қоплаб бериш каби таклифлар илгари сурилмоқда.
Ушбу йўналишда мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратиш, “Йилига беш юз минг ўқувчи ўрни” дастурини амалга ошириш, хусусий таълимга қўшимча енгилликлар бериш, чекка ҳудудларда мактаб автобусларини бепул йўлга қўйиш, барча туман ва шаҳарларда “Истеъдод – Интилиш – Истиқбол” мактаб-интернатларини ташкил этиш каби муҳим масалалар ҳам қамраб олинган.
Шу билан бирга номзод ўртача умр давомийлигини 73 ёшдан 78 ёшга етказиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни давом эттириш, гепатит С касаллигини тўлиқ давлат ҳисобидан даволаш, аҳолига “кафолатланган тиббий пакет”ни бепул тақдим этиш, ўзак ҳужайралари трансплантациясини йўлга қўйилиб, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига бундай муолажа харажатлари давлат ҳисобидан тўлиқ қоплаб бериш, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ва тиббий суғурта тизимини жорий қилишни таклиф қилмоқда.
ХI съезд Либерально-демократической партии Узбекистана.
Шунингдек, номзод томонидан Ижтимоий хизматлар соҳасини қайта кўриб чиқиш, ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолиятини йўлга қўйиш, туманларда ижтимоий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатадиган ижтимоий ҳимоя марказларини ташкил этиш, туғруқ таътилидаги аёллар учун онлайн ишлаш тизими, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимни жорий этиш ҳамда бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Дастурдан ташқи меҳнат миграцияси тизимини тўлиқ ислоҳ қилиш, хорижга ишлаш учун бораётган фуқароларни касбга ва чет тилларига ўқитиш кўламини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш мақсадида қўшимча 1 миллион хонадонли уй-жой қуриш, қурувчиларга ва халққа арзон ва узоқ муддатли кредитлар тақдим этиш каби масалалар ўрин олган.
Дастурнинг иккинчи мақсади – “Одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш”дан иборат. Ушбу йўналишда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга ошириб, мамлакатимизни “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киритиш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, Саноатни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш, экспорт ҳажмини 2 баробарга ошириб, 45 миллиард долларга етказиш каби вазифалар белгилаб олинган.
ХI съезд Либерально-демократической партии Узбекистана.
Мазкур йўналишда қайта тикланувчи энергиядан кенг фойдаланишни жадаллаштириш, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари 25 минг мега-ваттга, уларнинг жами қувватлардаги улушини 14 фоиздан 40 фоизга етказиш чоралари назарда тутилган.
Дастурда барча аҳоли пунктлари тоза ичимлик суви билан таъминлаш, барча қишлоқ ва маҳаллаларни Интернет билан тўлиқ қамраб олиш ва Интернет тезлигини 10 каррага ошириш белгиланган.
Шунингдек, хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказишни изчил давом эттириш, темир йўл хизматлари, автомобиль йўлларини қуриш ва бошқариш, газ ва электр етказиб беришни хусусий секторга ўтказиш, давлат улуши мавжуд корхоналар сони 6 баробарга камайтириш ва иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш масалалари назарда тутилган.
Дастурда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга эркин фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича ишларни давом эттириш назарда тутилган. Хусусан, бизнес учун қўшилган қиймат, фойда, айланма ва мол-мулк солиқ ставкалари оширилмаслигини қатъий кафолатлаш кўзда тутилмоқда.
Дастурнинг учинчи мақсади – “Сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш”га қаратилган. Хусусан, 2030 йилга қадар экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга ўтказиш, соҳага бозор механизмларини олиб кириш, сув тежайдиган технологияни жорий этган фермер ва деҳқонлар учун рағбатлантириш механизмларини янада кўпайтириш чоралари кўрилади.
Шунингдек, Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни келгуси етти йилда 1,6 млн дан 2,3 млн гектарга, республикада кўкаламзорлик даражасини 30 фоизга етказиш, янги уй-жой қуришда пудратчиларга “яшил ҳудуд” ва автотураргоҳ бўлиши ҳақида талабни қўйиш, аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш хизматлари билан 100 фоиз қамраб олиш назарда тутилган.
Тўртинчи мақсад – “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш”дан иборат. Бу борада давлат хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, айрим солиқларни бевосита маҳаллага йўналтириш каби чоралар назарда тутилмоқда.
Дастурда қонун устуворлиги таъминлаш, суд мустақиллиги ва одиллигини оширишга қаратилган бир қатор таклифлар назарда тутилган. Хусусан:
–суд-тергов жараёнларида ҳолислик ва адолатни таъминлаш мақсадида терговда ҳуқуқни чеклашга доир санкциялар алоҳида судьялар томонидан берилиши бўйича тартибни ўрнатиш;
–фуқароларни “қамоққа олиб тергов қилиш” амалиётини камайтириш ва бунинг ўрнига гаров эҳтиёт чорасидан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш, шунингдек мазкур масалада судларга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш;
–жиноят содир қилган шахсларни улар келгусида тузалиш йўлига ўтиши учун муқобил жазо турларини кенгайтириш, тадбиркорлар учун жиноий жавобгарликни янада либераллаштириш ҳамда Бизнес омбудсман ва Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорни тергов-суд жараёнида ҳимоя қилиш бўйича янги тизим жорий этиш масалалари инобатга олинган.
Бешинчи мақсад – “Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат”. Ушбу йўналишда Марказий Осиёда турли йўналишлар, айниқса, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги амалий ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаб, мамлакат тараққиётида фаол иштирок этишлари учун уларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш бўйича тизимли чораларни кўриш таклиф этилмоқда.
Дастурда мамлакат Қуролли кучларининг қудрати, мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада ошириш мақсадида Миллий армияни 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича ташаббуслар илгари сурилмоқда.