ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг 85 фоизи ўзини кўтаринки кайфиятда ва бахтли деб ҳисоблайди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти ахборот хизмати раҳбари Манижа Баҳриева маълум қилди.
Қайд этилишича, хотин-қизлар оилавий қадриятларининг шаклланишида оилавий муҳит ва ундаги тарбия (81фоиз), ота-онанинг сулолавий шахсий ўрнаги (61 фоиз) ҳамда ўз ҳаётий тажрибаси муҳим ўрин эгаллашини билдирган.
Шунингдек, улар ўзлари учун аёл бахтининг асосини оилаларнинг тинчлиги, фаровонлиги, мустаҳкамлиги, фарзандларнинг борлиги, оиладаги самимий муносабатларда ва яқин инсонларнинг ўзаро ғамхўрлигида, деб ҳисоблайди.
Қишлоқ ҳудудларида яшовчи аксарият хотин-қизлар ўзларини, энг аввало, она (40,9 фоиз) ва рафиқа (27,3 фоиз) сифатида баҳолайди.
Тадқиқот давомида иштирокчиларнинг 80,4 фоизи никоҳга ўз хоҳишига кўра рози бўлгани қайд этилди. Шу билан бирга, 13,2 фоиз ҳолатда оила катталарнинг келишуви, совчилар орқали қурилгани маълум бўлди.
“Тадқиқотда қатнашган ҳар иккинчи респондент оилавий ажримларга мутлақо қарши. Уларнинг аксарияти оилавий муносабатлардаги беқарорлик, саломатликдаги жиддий муаммолар ҳамда оиладаги зўравонликлар туфайли ажралишлар бўлиш эҳтимолини инкор этишмади”, - дейди Баҳриева.
Респондентлар қуйидагилар туфайли ажрим ҳолатлари юзага келишини эътироф этишган:
хиёнат (43,6 фоиз);
фарзандсизлик (26,1 фоиз);
жуфтлик характерининг мос тушмаслиги -20 фоиз;
оиладаги жанжаллар -21,3 фоиз;
турмуш ўртоғининг руҳий жиҳатдан носоғломлиги -22,1 фоиз;
бошқа оғир хасталиклар -10,9 фоиз.
Аксарият хотин-қизлар учун оилани асраб қолиш мақсади ишлаш ва касбий ўсишдан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга бўлса-да, ҳар олтинчи респондент (14 фоиз) учун иш фаолияти жуда қадрли ҳисобланади. Бу тоифадаги аёллар иш фаолияти оиласининг бутунлиги ва тинчлигига салбий таъсир кўрсатган тақдирда ҳам ўз ишидан воз кечишга тайёр эмаслигини айтиб ўтишган.
Сўровномада иштирок этган хотин-қизларнинг 68,3 фоиз инсон саломатлигининг қадрини устун қўйишса-да, амалда 16 фоиз респондент уни биринчи ўринга қўймаслиги аниқланди.