Марғилонда “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали бошланди

Фестивалда 500 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижлик ижодкорлар иштирок этишмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Кеча, 29 май куни Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали бошланди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.
Мазкур фестивалга 500 нафардан ортиқ ижодкорлар жалб этилган. 31 майга қадар давом этадиган фестиваль доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилади:
“Ўрта асрларда Марғилон ипак матоларининг халқаро бозордаги аҳамияти” мавзусида халқаро илмий - амалий конференция;
хорижий ва Ўзбекистон фольклор жамоаларининг концертлари ва бадиий кечалари;
фольклор жамоаларининг ижодий учрашувлари ва маҳорат дарслари;
фольклор жамоаларининг халқаро кўрик – танлови;
сайиллар.
Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад хорижий давлатлар, хусусан, қардош халқлар билан Ўзбекистон ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.
“Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали Марғилон шаҳрида 2018 йилдан буён ўтказиб келинмоқда.