ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Украинага Ғарб қурол-яроғларининг етказиб берилиши фақат жанговар хатти-ҳаракатларни чўзади, бироқ махсус ҳарбий операция натижаларига таъсир кўрсата олмайди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари Сергей Шойгу селектор йиғилишида маълум қилди.
Киев йўқотишлари
Май ойида Киев 16 мингдан зиёд киши, 400 тадан зиёд танк ва бошқа зирҳли жанговар машина ва 238 та артиллерия қуроли ва миномётни йўқотди.
Шойгунинг сўзларига кўра, Украина авиация йўқотишлари кескин ошган: апрель ойида 8 та самолёт ва 277 та учувчисиз учар қурилма уриб туширилган бўлса, май ойида эса Россия армияси душманнинг 16 та самолёти ва 5 та вертолёти ҳамда 466 та учувчисиз учар қурилмасини йўқ қилган.
Бундан ташқари, Россия ҳарбийлари HIMARS залп билан ўт очувчи реактив тизимининг 196 та снаряди, “Storm Shadow”нинг 29 та қанотли ракетаси ва 16 та HARM радиолокацияга қарши ракетани тутиб қолишган.
Ғарб техникасига берилган зарба
Россия ҳарбийлари Украинага етказиб берилаётган Ғарб техникаси ва қурол-яроғларининг ҳажмлари ва йўлларини кузатишмоқда ва уларни аниқлашлари билан зарба беришяпти: “Сўнгги кунларда Хмельницкий, Тернополь ва Николаевда Ғарб қурол-яроғларининг йирик омборлари йўқ қилинди, Киевда Американинг “Patriot” зенит ракета комплекси яксон қилинди”.
“Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлаш жанговар ҳаракатларни чўзади холос, бироқ махсус ҳарбий операция натижасига таъсир кўрсата олмайди”.
Украина уюштираётган терактлар
“НАТО қурол-аслаҳасидан фойдаланиб, Киев ҳукумати ижтимоий объектларга зарба беришда давом этмоқда, осуда Россия фуқароларига қарши теракт уюштирмоқда. Қуролли кучларимиз украин жангарилари ҳаракатларига кескинлик билан жавоб қайтармоқда”.
Гап 22 май куни Белгород вилоятига украин қўпорувчи гуруҳининг ҳужуми ҳамда 30 май куни Москва ва Москва вилоятидаги фуқаровий объектларига уюштирилган дронлар ҳужуми ҳақида бормоқда.