Sputnik мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий ёрдамни ташкиллаштириш Департаментининг Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаева билан иссиқ ҳавода болаларни қандай овқатлантириш ҳақида суҳбатлашди.
Фойдали ва зарарли қуёш нури
“Ўзбекистоннинг геоиқтисодий зонасида ёз фасли жуда ҳам иссиқ келади, қуёш нурларини тик боқиши аҳоли саломатлигига турлича таъсир кўрсатади.
Баъзан ҳатто қуёшнинг ультрабинафша нурлари остида баъзиларда терини рангини ўзгариши кузатилади, ҳалқимиз “ёзда қуёш нурида териси куйибди” – дея талқин қилишади. Бу ҳолатда, қуёш нури куннинг 1/3да, яъни эрталаб тонг отишидан соат 11:00 га қадар ва кечга яқин соат 17:00 дан кейин кун ботишига қадар вақтда инсон саломатлигига фойдали бўлади. Бу вақтда болаларни ҳам ховлида ёки боғларда сайр қилдириш уларнинг саломатлигига фойдали бўлади”, - деди мутахассис.
Ошқозон ичак касалликлари
Айнан бу даврда барча аҳолини организмида турли ўзгаришлар кузатилиши сабаб, ошқозон ичак тизимида ҳам шу иссиқ ҳавога мослашиш жараёни кечади. Бу вақтда ошқозон ичак тизимида ҳазм функцияси пасаяди, бу эса ўз ўрнида қийин ҳазм бўладиган маҳсулотларни истеъмолини чеклашни талаб қилади. Ошқозон ичак тизимида ейилган маҳсулотларни ҳазм қилиниши пасайишидан ташқари, болаларни олсак улар кўп ҳолларда қўллар гигиенасига риоя қилолмаган ҳолда мева ва сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиб қўядилар. Бу ҳолатлар, болаларда ошқозон ичак касалликлари келиб чиқишини ҳам кўпайтиради.
“Мазкур ҳолатни мутафаккир табиб Абу Али ибн Сино ёзги мавсумда кўпроқ мева ва сабзавотларни қайнатилган ёки димланган холда истеъмол қилишни, шунингдек, кўп миқдорда суюқликларни ичишни тавсия қилганлар”, - дея таъкидлади врач.
Ота-оналар фарзандлари ёзнинг иссиғида нималарни кечираётганини тўлиқ билмайдилар. Бу эса ота-оналар томонидан болада кузатилаётган баъзи чегаравий ҳолатларни сезмай қолишларини келтириб чиқаради ва болада касаллик бошланганида нима бўлди экан, деб хавотирга тушишларига сабаб бўлади. Шу боис, ёзнинг иссиқ кунларида барча ота-оналардан фарзандларига доим эътиборли бўлишлари талаб этилади.
Хона ҳарорати
Янги туғилган чақалоқларни ёзги иссиқ кунларда парваришлашда, уларни тана ҳарорати ўзгарувчан бўлишини инобатга олиб, хона ҳарорати жуда исиб кетишини олдини олишлари талаб этилади. Хонада ҳароратини ўлчагич бўлиши мақсадга мувофиқ, хона ҳарорати эса 24 даражадан ошмаслиги керак. Шу ҳароратда бола ҳам катталар каби ўзини яхши хис қилади.
Яна шуни таъқидлаш лозимки, кўпгина ота-оналар иссиқ кунда суюқликка талаб ортгани боис, чақалоқлар ҳам сув ичиши керак деб уйлашади. Лекин, ёз вақтида болаларга сув берилмагани мақсадга мувофиқ. Болани она кўкрак сути билан боқишда тез-тез ва болани талабига биноан боқилса, она кўкрак сутининг 70дан-90%гача суюқликни ташкил қилиб болани чанқоғи босилади. Шунингдек, бола она кўкрак сутига мослашган бўлиб, унинг организми яхши қабул қилади.
Ёш боланинг овқатланиши
6 ойдан 1 ёшгача болаларни оила дастурхонига ўргатиш ва болага қўшимча овқат беришни бошлаш зарур, бу ҳолатда ёзги вақтда болани ошқозон ичак тизимида ўзгаришлар келиб чиқиши мумкин. Шу боис, болани қўшимча овқат беришда бир ҳафтада битта мева ёки сабзавотни истеъмол қилишни ўргатиш керак ва у қайнатиб пиширилган, бўтқага ўхшаш тарзда эзилган озуқа маҳсулотга ўхшаган бўлиши керак. Шу тайёрланган озуқа биринчи марта 1-2 ош қошиқдан бошлаб берилади ва кун сайин кўпайтириб борилади, ҳафта охирида ярим пиёлага етказилади. Суюқлик сифатида она кўкрак сути сақланиб қолади.
Мисол учун: 6 ойдан бошлаб кўпчиликни уйида мавжуд картошкани қайнатиб пишириб, ундан суюқроқ эзилган бўтқа тайёрланади ва биринчи мартасига 1-2 ош қошиқни секин аста кам-камдан берилади, бу озуқа маҳсулотини кунига 2 марта бериш мақсадга мувофиқдир. Бир ҳафтадан сўнг, сабзи қўшилади ва шу тариқа ҳар ҳафта янги сабзавот ёки мева қўшилиб борилади.
1 ёшдан катта болалар оила дастурхонига ўрганган бўлиб, оилада тайёрланган овқат маҳсулотини тановвул қиладилар. Улар ҳам катталардек иссиқ кунларда енгил ҳазм бўладиган овқатларни истеъмол қилганлари мақсадга мувофиқ.
Енгил ҳазм бўладиган маҳсулотларга: қайнатилган ёки димланган турли хилдаги сабзавотлар, дон маҳсулотлари, мевалар ва кўкатлар киради. Гўшт, тухум, товук, балиқ маҳсулотларини узоқ муддат қайнатиш ёки димлаш тавсия қилинади. Сутдан тайёрланган сузма, қатиқ, пишлоқ ва айронларни ҳам истеъмол қилса бўлади.
Бу ёшдаги болаларга худди катталардек ёғли, қовурилган, аччиқ ва шўр маҳсулотларни, консерваларни чеклаш керак. Шунингдек, ун маҳсулотлари, яъни хамир овқатларини имкон қадар камайтирилгани яхши. Турли хил тузламалар, консервалар, колбаса ва шунга ўхшаш яримфабрикатлар, тайёр пишириқлар ва тортларни истеъмолини чеклаш мақсадга мувофиқдир. Бу маҳсулотларни ошқозон ичак тизими ҳазм қилиши қийналиши билан бирга, сувсизланишни кучайтиради бу эса меъёридан ортиқ суюқлик ичишни келтириб чиқаради.
Мисол учун: қайнатма шўрва, товуқ шўрва, мастава, турли хил қатиқли суюқ овқатлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Димланган сабзавотлар, димлама ёки шавла ейиш мумкин.
Суюқликлар тавсияси
Кўп миқдорда ва ортиқча, яъни инсон тана вазнига нисбатан суюқлик учун белгиланган миқдордан ортиқча суюқлик ичиш оқибатида, қон суюқлашиши кузатилиши мумкин, бу эса лоҳасликни ва турли хил холсизлик ҳолатларини кучайтиради. Катталарда қон босимини ортиши ёки тушиши ҳам кузатилиши мумкин.
Суюқлиқлардан имкон қадар янги мевалардан уйда қайнатилган компотлар, кисель ва турли дамламаларни ичиш тавсия қилинади. Овқатдан 1 соат олдин ёки кейин чой ичиш маросимларини ташкил қилиш мумкин, унда қора ёки кўк чойлар, ёки бугунги кунда кўпчиликка маъқул бўлаётган лимон, ялпиз ёки қуритилган мевалар солинган чойлар ичиш маросимларини ўтказиш мумкин.
Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, ўртача катталар кунига 2,5-3 литргача суюқлик ичишлари керак бўлса, 2-10 ёшгача болалар 1-1,5 литргача ичишлари, 11-18 ёшдаги болалар 1,5-2 литргача ичишлари тавсия этилади. Ичиладиган суюқлик куннинг эрталабдан икки қисмига тўғри келиб, тушдан сўнг, яъни 16:00-17:00 дан сўнг суюқлик ичишни камайтириш керак. Бу билан тунги вақтда буйрак зўриқишини олдини олган бўламиз.