Ўзбекистон ва Вьетнамнинг Нячанг шаҳарлари ўртасида авиарейслар қатнови йўлга қўйилади

Мулоқотда таъкидланишича, тез орада Тошкентда вьетнамлик мутахассислар ҳамда вакиллар билан йирик масштабдаги B2B учрашувлари ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Вьетнамнинг Нячанг шаҳарлари ўртасида доимий тўғридан-тўғри авиарейслар қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Вьетнам туризм тадбиркорларининг очиқ мулоқоти ташкил этилди.
Мулоқотда таъкидланишича, тез орада Тошкентда вьетнамлик мутахассислар ҳамда вакиллар билан йирик масштабдаги B2B учрашувлари ўтказилади. Унда туризм кўламини янада кенгайтириш ва ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилади.
Қайд этилишича, туризмнинг Ўзбекистон иқтисодиётида тутган ўрни жадал ўсиб бормоқда. Буни жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2 млн. нафардан ортгани ва туристик хизматлар экспорти салкам 650 млн АҚШ долларига етганидан ҳам билиш мумкин.
Йил охиригача хориждан Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар сони 7 млн нафардан ортиши кутилмоқда.