ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Бугун Озарбайжон пойтахтида таэквондо WT бўйича жаҳон чемпионати старт олди. Унда иштирок этаётган ўзбекистонлик спортчи Мадина Мирабзалова мусобақани ғалаба билан бошлади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
-57 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Мадина Мирабзалова эронлик Тина Моданло билан жангда 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди. Иккинчи даврада Ўзбекистон вакилига марокашлик Нада Лараж рақиблик қилади.
Регламентга кўра, мусобақанинг биринчи кунида эркаклар ўртасида -68 кг, аёлларда эса -57 кг вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Бугунги беллашувларда ўзбекистонлик спортчилардан Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Улуғбек Рашитов ҳам жанг қилади.