ТОШКЕНТ, 28 май — Sputnik. Жорий йилнинг 26 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев “Kuwait Investment Co.” компанияси президенти Юсуф Муҳаммад ал-Алини қабул қилди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда иқтисодий дипломатияни, жумладан, Кувайт сармоялари ва технологияларини Ўзбекистонга жалб этиш орқали фаол илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда саноат, қурилиш, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва “Kuwait Investment Co.” компанияси ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.