Ўзбекистон цирк усталари Ҳиндистондаги халқаро фестивалда иштирок этмоқда

Фестивалда Ҳиндистон ва Ўзбекистон вакилларидан ташқари Эфиопия, Қирғизистон ва россиялик санъаткорлар ҳам иштирок этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 май — Sputnik. Ўзбекистон цирк усталари Ҳиндистонда бўлиб ўтаётган Халқаро цирк фестивалида иштирок этмоқда, деб хабар берди "Дунё" АА.
Халқаро фестиваль доирасида мамлакатнинг Мумбай, Бангалор ва бошқа шаҳарларида цирк усталарининг ранг-баранг дастурлари намойиш этилди.
Деҳлида ҳам улар тўрт кун давомида цирк ихлосмандлари ва ёзги таътилга чиққан мактаб ўқувчиларини ўзларининг ёрқин чиқишлари билан мамнун қилмоқда.
Фестивалда Ҳиндистон ва Ўзбекистон вакилларидан ташқари Эфиопия, Қирғизистон ва россиялик санъаткорлар ҳам иштирок этмоқда.
“Дастурларда жонглёрлик, бир ғилдиракли велосипед ва халқаларда машқлар намойиш қилиш, акробатлар ва масхарабозлар чиқишлари каби анъанавий номерлар билан бир қаторда, шунингдек, ҳар бир иштирокчи давлат цирк санъатининг ўзига хос миллий жиҳатлари ўрин олган”, дейилади хабарда.
Санъат байрами ташкилотчиларининг асосий ғояси халқаро ижодий ҳамкорликни рағбатлантириш ва ўзаро илғор техник ноу-хаулар билан алмашишдан иборат.