ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Чилонзор саноат зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур саноат ҳудудида бугунги кунда 510 та корхона бўлиб, яна кўплаб янгилари ташкил этилмоқда. Хусусан, озиқ-овқат корхонасида йилига 7 минг тонна маҳсулот, шу жумладан 10 турдаги чипс тайёрланмоқда. Яқинда лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилиб, маҳсулотлар тури кенгайтирилади.
Мебелсозлик тармоғидаги корхонада йилига 2 миллион метр квадрат ёғоч панеллар ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг катта қисми импорт ўрнини босиши билан аҳамиятли.
Функционал озиқ-овқатлар комбинатида йилига 5 миллион қути йодланган қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг 30 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Давлат раҳбари ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Уларнинг ҳар бири ўзига хос йўналиш танлаганига эътибор қаратиб, барча ҳудудларда шундай корхоналарни ташкил этиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Йоднинг аҳоли саломатлиги учун муҳимлигини инобатга олиб, мамлакатимизда йод билан бойитилган озиқ-овқатларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди.
Шу ерда Чилонзор туманида саноатни ривожлантириш режалари бўйича тақдимот ўтказилди.
“Чилонзор туманида жуда катта инфратузилма, бўш турган бинолар, кафолатланган энергия ресурлари бор. Фақат тадбиркорларга маблағ бериб, хорижий технологиялар олиб келиб, Чилонзорни индустрия хабига айлантириш керак”, - деди президент.
Мирзиёев иқтисодий лойиҳалар ижтимоий соҳада ҳам натижа келтириши зарурлигига алоҳида тўхталди. Тадбиркорларга кўмак бериб, фаолиятини кенгайтириб, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада бошланган янги дастурдан фойдаланиб, тумандаги 3 минг камбағал ва 10 минг ишсиз фуқарони иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Президент Чилонзор туманидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини ҳам кўздан кечирди.