Ядро қуроли Беларусь томон ҳаракат қилишни бошлади — Лукашенко

Лукашенко Россиянинг стратегик бўлмаган ядро қуролларини Беларус ҳудудига кўчириш бошланганини эълон қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 май – Sputnik. Беларусь президенти Александр Лукашенко Россиядан Беларусь ҳудудига ядро қуролини кўчириш бошланганини маълум қилди.

"Беларусда уларни сақлаш жойлари ва бошқаларни тайёрлаш керак эди. Биз буларнинг барчасини қилдик. Энди ядро қуролларини олиб келиш ҳаракати бошланди", - деб унинг сўзларини келтиради Sputnik Беларусь.

Лукашенко айтишига қараганда, бу жараён Москва билан Беларусда тактик ядро қуролларини жойлаштириш бўйича келишувлар доирасида амалга оширилмоқда. Лукашенко мамлакатга қайтгач, ядро қуроли аллақачон республикада бор-йўқлигига аниқлик киритишга ваъда берди. Айни дама Беларусь етакчиси ЕОИИ Олий кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Москвада бўлиб турибди.
Журналистлар олдида Беларусь етакчиси мамлакатга олиб келинаётган Россия ядро қуроллари хавфсизлигини кафолатлади.
"Бу масала ҳатто муҳокама қилинмайди. Ядро қуроли ҳақида қайғурманг. Биз бунга жавобгармиз. Бу жиддий масалалар. Бу ерда ҳаммаси жойида бўлади", - деб ишонтирди Лукашенко.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил бошида Москва ва Минск Беларусда тактик ядро қуролларини жойлаштиришга келишиб олган эди. Владимир Путин хабар берганидек, республика ҳудудида ушбу турдаги қуролларни сақлаш омбори қурилиши 1 июлда якунланади.
Лукашенко Россия халқаро мажбуриятларини бузмаётганини алоҳида таъкидлади. Қолаверса, Россия АҚШ Европада ўнлаб йиллар давомида қилган ишни қилмоқда: ўзининг тактик ядровий қуролларини душман чегарасига яқинроқ жойлаштирмоқда. Песков таъкидлаганидек, Ғарбнинг муносабати Москванинг режаларига таъсир қилмайди.
Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг аниқлик киритишича, Россия Беларусда жойлаштирилган стратегик бўлмаган ядро қуроллари устидан назоратни сақлаб қолган. Бугун Мудофаа вазирлиги раҳбари ва унинг беларуслик ҳамкасби Виктор Хренин Россиянинг стратегик бўлмаган ядро қуролини республика ҳудудидаги махсус омборда сақлаш тартибини белгиловчи ҳужжатларни имзолади.
Апрель ойида Беларусь Қуролли кучлари ядровий ракеталардан фойдаланишга қодир бўлган "Искандер-М" тактик комплекси билан таъминланди. Бундан ташқари, Беларуснинг қуруқликдаги ҳужум самолётларининг бир қисми ядровий қуролдан фойдаланиш учун қайта жиҳозланган эди