ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) 9 май олдидан Украина Ташқи разведка хизматининг иккита атом электр станциясига нисбатан қўпорувчилик ҳаракатларининг олдини олди. Бу ҳақда Россия ФХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Украинанинг қўпорувчи террорчи гуруҳи Ленинград ва Калинин (Ленинград ва Тверь вилоятларида жойлашган) АЭСларининг 30 дан зиёд юқори вольтли электр узатиш тармоқлари таянчини портлатишга уринган.
Қўпорувчилар ядро реакторининг тўхтаб қолиши ва АЭСларнинг одатий иш режими бузилишига эришмоқчи бўлишган, уларнинг фикрича, бу Россияга “жиддий иқтисодий зарар келтирган бўларди”.
ФХХ маълумотларига қараганда, террорчилар Ленинград АЭСнинг битта электр узатиш тармоғини портлатиш ва тўрттасини миналаштиришга муваффақ бўлишган. Калинин АЭСнинг еттита электр узатиш тармоғи остида қўлбола портловчи моддаларни қўйишган.
Қўпорувчи гуруҳ
“Федерал хавфсизлик хизмати органлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида қўпорувчи террорчи гуруҳ аъзолари Украина фуқаролари 1978 йилда туғилган Майструк Александр (лақаби Механик) ва 1974 йилда туғилган Усатенко Эдуард (лақаби Макс) қўлга олинди, 1963 йилда туғилган ва ҳозир Бельгияда бўлган Украина ва Россия фуқароси Кишак Юрий (лақаби ЮБК) қидирувга берилди”, - дейилган хабарда.
ФХХ хабарига кўра, уларни 2022 йил сентябрида Украина Ташқи разведка ходими Виталий Горбатюк ёллаган.
Қўпорувчилар Киев ва Николаев вилоятларида жойлашган лагерларда махсус тайёргарликдан ўтишган.
Қўлга олинганлар Украина разведкаси билан ҳамкорлик қилишганини тан олишган ва ўз айбига иқрор бўлувчи кўрсатмаларни беришмоқда.
Қўпорувчи террорчи гуруҳга нисбатан Россия ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган. Қўлга олинган гуруҳ аъзолари ҳибсда.