Ўзбекистон ва ЕОИИ

Ўзбекистон ва ЕОИИ ҳамкорлиги барқарор ривожланмоқда — Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва ЕОИИ муносабатлари илдам ривожланаётганини ва бу соҳада яна қандай ишлар қилиш мумкинлиги ҳақида айтиб берди.
Sputnik
ТОШКEНТ, 25 май – Sputnik. Ўзбекистон ЕОИИ ҳамкорлиги барқарор ривожланиб бормоқда, деди Шавкат Мирзиёев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида.
"2022 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга кўпайди. Барқарор ўсиш суръати жорий йилда ҳам кузатилмоқда", - деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Ўзбекистон кузатувчи давлат сифатида ЕОИИ доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этаётганини қайд этди:
Хусусан, савдо муносабатларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар шакллантириш, янги ўсиш нуқталари ва имкониятларни биргаликда излаш, саноат кооперацияси соҳасида қўшма лойиҳалар ишга тушириш.
Шунингдек, ишбилармонлар мулоқотини рағбатлантириш учун самарали платформалар, жумладан Тошкентда учинчи бор муваффақиятли ўтказилган ва анъанавий тус олган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси ҳам айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, Евроосиё иқтисодий комиссияси билан конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилди: 3 йиллик режа доирасида қонунчиликни уйғунлаштириш, иқтисодиётни тартибга солиш тажрибаси билан алмашиш, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларида тўсиқларни бартараф этиш бўйича 200 дан зиёд тадбир ўтказилди.
Ундан ташқари, Ўзбекистон савдо тартиботларини соддалаштириш бўйича ҳамда транспорт, қишлоқ хўжалиги, экология ва туризм соҳаларидаги алоҳида дастурлар ва тармоқ лойиҳаларида иштирок этмоқда.

"Глобал хавф-хатарлар, транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергетик хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммолар кучайиб бораётгани мамлакатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг биринчи галдаги вазифаларини ҳал этиш учун яқин ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда", – деди Ўзбекистон етакчиси.

Шу ўринда, Ўзбекистон президенти ҳамкорликни янада яқинлаштириши мумкин соҳаларни санаб ўтди:
1.
Техник тўсиқларни бартараф этиш ва сертификатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимнинг қабул қилиниши бунга хизмат қилади.
2.
Божхона маъмуриятчилиги, санитар, фитосанитар ва ветеринар назорат ҳамда товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашнинг электрон платформалари ва онлайн тизимларини интеграция қилиш.
3.
Евроосиё маконида янги иш ўринлар яратиш, индустриал хабалар ташкил қилиш ва саноат кооперацияси ривожлантириш ҳам муҳим.

"Евроосиё маконида янги иш ўринларини яратиш ва индустриал хабларни шакллантиришнинг муҳим омили сифатида саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўрилиши лозим, деб ҳисоблаймиз", – деди Мирзиёев.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашмадир. Иттифоққа Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Молдова 2018 йил май ойидан ЕОИИда кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлган эди.