ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Махсус операция бошлангандан бери Владимир Зеленский бошчилигидаги Украина сиёсатчилари хавфсизлик хизматларини жалб қилган ҳолда мамлакат бизнес секторини қайта тақсимлашни бошладилар, деб хабар қилди Politico шарҳловчиси Жейми Деттмер ўз манбаларига таяниб.
"Аввалги ҳеч бир маъмурият ўз қўлида бунчалик катта куч тўплагани йўқ, бу чексиз ҳокимият. Можаро туфайли эса у халқаро ҳамжамият ва оммавий ахборот воситалари назарида дахлсиз бўлиб қолди", - деди украиналик компаниянинг исмини ошкор этмаган раҳбари газетага.
Материал муаллифининг таъкидлашича, ҳозир янги мулкдорлар қонунга хилоф равишда эски элитанинг бойлигини ўзаро тақсимлашга ҳаракат қилмоқда. Товламачилик, талончилик ва бизнесдаги рақобатчиларни йўқ қилиш услубларидан фойдаланилмоқда.
Кенг тарқалган схема - айрим фирмалар миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан жиноят содир этганликда айбланиши ёки Украина хавфсизлик хизмати томонидан юритиладиган санкцияланган компаниялар рўйхатига киритилиши.
Журналистнинг сўзларига кўра, бу ҳийла-найрангларнинг барчаси Ғарбда саросимага сабаб бўлмоқда: улар хорижий инвесторларни қўрқитиб, уларни Украина коррупцияси муаммоси ечими йўқлигига ишонтирмоқда. Шу билан бирга, ички тижорат уруши агробизнесдан тортиб ахборот технологиялари соҳасигача бутун иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда, дея хулоса қилди Деттмер.