Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимларининг 77 фоизи хотин-қизлар экани маълум қилинди

Таъкидланишича, бугунги кунда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида банд бўлган аҳоли ўртасида хотин-қизлар улуши 77 фоизни, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 46 фоизни ташкил этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Ўзбекистонда бугунги кунда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимларининг 77 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида ўтказилган гендер тенглик ва муносиб меҳнат мавзусидаги анжуманда маълум қилинди.
Анжуманда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилиши, аёлларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнининг мустаҳкамланиши, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун зарур шароит яратилганлиги, бандлигини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда аёлларнинг иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасида муҳим чоралар кўрилаётганлиги қайд этилди.
“Бугунги кунда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида банд бўлган аҳоли ўртасида хотин-қизлар улуши 77 фоизни, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 46 фоизни ташкил этмоқда. 2 минг нафарга яқин хотин-қизлар давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда”, — дейилади сенат хабарида.
Таъкидланишича, олий таълим муассасаларида таълим олаётган хотин-қизлар сони 6 баробарга кўпайган, хусусан, бакалавр йўналишида ўқиётган хотин-қизлар улуши 38 фоиздан 49 фоизга, магистратура босқичида ўқиётганлар эса 37 фоиздан 50 фоизга ортган.